БОҒЛОВ — синган, чиққан, лат еган, тирналган, ёрилган, жароҳатланган аъзоларни ифлосланиш ва б. таъсирлардан сақлаш, шунингдек гавданинг бирор қисмини қимирламайдиган қилиб қўйиш ва босиб туриш учун қўлланиладиган восита. Боғловлар қаттиқ ва юмшоқ ҳамда оддий ва мураккаб бўлади. Маҳкамловчи, босувчи, тахтакачловчи (қ. Иммобилизация), қотирувчи (қ. Гипс боғлов) ва шина Б. лар бор. Маҳкамловчи Боғловнинг пластирли, елимли ва бинтли тури кўп ишлатилади. Боғловлар бошоқсимон, саккизсимон, спиралсимон ва ҳ. к. шакдда бўлади. Улар жароҳатни тоза сақлаш, яра сели ва йирингни шимиш, шикастланган тўқимага шифобахш таъсир кўрсатиш, инфекцияга қарши курашиш мақсадида ишлатилади. Боғлов тайёрлашда турли боғлов материалларидан фойдаланилади. Докадан салфетка, бинт ва тампонлар тайёрланади. Ярага бевосита боғланадиган Боғлов материаллари стерилланган бўлиши лозим қ(. Антисептика, Асептика). Гигроскопик бўлмаган пахтани иситувчи компрессларда ишлатиш, шина остига қўйиш ёки гипс Б. да қўллаш мумкин. Стерилланган ва стерилланмаган Боғлов материаллари: салфетка, бинт, пахта ўрами, боғлов пакета ва б. дорихоналарда сотилади.