БОҒЛОВЧИ МАТЕРИАЛЛАР (қурилишда) — сув қўшиб қориштирганда ёпишқоқ, хамирсимон мулойим масса ҳосил қилиб, кейин тошдек қотадиган кукунсимон материаллар. Анорганик (минерал) ва органик хиллари бор. Анорганик Боғловчи материаллар ҳавода қотадиган ва гидравлик хилларга бўлинади. Ҳавода қотадиган Боғловчи материаллар фақат очиқ ҳавода қотади, намда эса қисман қотади ёки умуман қотмайди. Буларга оҳак, гипс, эрувчан шиша, гил ва б. киради. Гидравлик Боғловчи материаллар очиқ ҳаводагина эмас, балки нам ва сувда ҳам қотади. Буларга гидравлюгоҳак, портландцемент ва б. киради. Боғловчи материаллар яхлит бетон, йиғма темирбетон конструкциялар ва қоришмалар тайёрлашда ишлатилади. Органик Боғловчи материаллар (мас, битум) асфальтга қўшилади, томларни ёпишда ишлатилади.