БОГОТА

БОГОТА, Санта-Фе-де-Богота — Колумбия пойтахти. Шарқий Кордильера тоғларининг ғарбий ён бағридаги сойликда (2500 м) жойлашган. Кундинамарка департаменти маъмурии маркази, алоҳида маъмурии бирликпойтахт округини ташкил қилади. Аҳолиси 6 млн. дан ортиқ (1997, шаҳар атрофи б-н). Муҳим транспорт йўллари тугуни. Халқаро Эльдорадо аэропорти бор. Энг иссиқ ойнинг ўртача т-раси 15°, энг совуқ ойники — 14°. Б. га 1538 й. да испанлар асос солган. 1598 й. дан испан генералкапитан лигининг, 1739 й. дан Янги Гранада вице-қироллигининг пойтахти. 1819 й. да Богота испанлардан озод қилинди ва Янги Колумбиянинг пойтахтига айлантирилди. 1831 й. дан Янги Гранаданинг, 1863 й. дан Колумбия Республикасининг пойтахти.

Богота мамлакатнинг иқтисодий, сиёсий, маданий ва савдо маркази. Озиқ-овқат, тўқимачилик, пойабзал, тикувчилик, электротехника, полиграфия, машинасозлик, фармацевтика, кимё ва б. саноат корхоналари бор. Богота яқинида резина шиналар ва сода ишлаб чиқарилади, зумрад олинади. Испанлар мустамлакачилиги даврида ва ундан кейин қурилган бир неча меъморий ёдгорликлари сақланган: Катта собор (1823 й. да қуриб битказилган), СанФрансиско собори (1569—1622), Миллий капитолий биноси (1847—1926) ва б. Б. да. олий ўқув юртлари, жумладан Колумбия миллий ун-ти ва б. унтлар, Колумбия академияси, Миллий музей, Миллий археология ва этн. музейи, мустамлака даври санъати музейи, Олтин музейи (индейсларнинг қад. олтин буюмлари), Миллий кутубхона, астрономия расадхонаси бор.