БЎҒОЗЛИК

БЎҒОЗЛИК — урғочи ҳайвон организмида ҳомилани олиб юриш давридаги физиологик ҳолат. Бу жараён оталанишдан бошланиб етук ҳомиланинг туғилиши билан тугайди. Бўғозлик бир ҳомилали ва кўп ҳомилали бўлиши мумкин. Бўғозликнинг кечишига қараб физиологик ва патологик турларга бўлинади. Физиологик Бўғозлик она ва ҳомила организмларида жараёнларнинг меъёрда кечиши билан тавсифланади. Патологик Бўғозликда она ва ҳомила организмида физиологик жараёнлар бузилади ва Бўғозлик муддатига етмай тугайди ёки ҳомила нуқсонли туғилади. Сигир, бия, туя ва б. ҳайвонлар бўғозлиги 5—6 ойлигидан биқинини пайпаслаб ва тўғри ичакка қўл тиқиб аниқланади. Бунда бола қаттиқ ва қўзғалувчан туюлади, эмчакда сирачсимон модда ҳосил бўлади. Бўғозликнинг сўнгги даврида елин катталашади. Қуй, эчки, чўчқа, ит ва б. майда ҳайвонлар бўғозлиги биқинини пайпаслаб ва лаб. да қон, сийдик, сут, юнгида серологик, биологик ва кимёвий ўзгаришларни текшириш асосида аниқланади. Бўғоз ҳайвонларда циклик куюкиш аломатлари йўқолади. Ҳайвонлар ювош, эҳтиёткор бўлиб, тез юрмайди, иштаҳаси очилади. Бўғозликнинг сўнгги даврида ҳайвон озиб, қорнининг ўнг томони номутаносиб ўзгаради, шохларининг асоси ингичкалашади. Бўғозликнинг нормля бориши учун бўғоз ҳайвонларни тоза, енгил озуқа б-н боқиш, қишда совуқ сув ичирмаслик керак. Сигирларнинг туғишига 1,5—2 ой қолганда соғишни тўхтатиб, тагига қалин тўшама солиб турилади. Иш ҳайвонлари оғир ишда ишлатилмайди.

Эрмуҳаммад Тошпўлатов.

Loading...