БОЖХОНА ИТТИФОҚИ

БОЖХОНА ИТТИФОҚИ — икки ёки ундан ортиқ давлатлар ўртасида ўзаро божхона чегараларини бекор қилиш, бошқа мамлакатлар учун ягона бож тарифларини жорий этиш тўғрисидаги битим; давлатларнинг божхона сиёсати соҳасида ҳамкорликда фаолият олиб бориш мақсадларида бирлашуви. Божхона иттифоқи асосан иттифоққа аъзо давлатларда ишлаб чиқарилган товарларнинг рақобатбардошлигини кўтариш мақсадларида бож ундириш, аъзо бўлмаган давлатларга нисбатан юқори бож ставкалари масалаларини тартибга соладиган икки ёки кўп томонлама божхона конвенциялари асосида ташкил этилади.

Дастлабки Божхона иттифоқи ларидан бири Франция ва Монако ўртасида тузилган (1865). 1924 й. да Швейцария билан Лихтенштейн князлиги ўртасида Божхона иттифоқи вужудга келди. Ривожланган мамлакатлар ўртасидаги Божхона иттифоқига Таърифлар ва савдо тўғрисида Бош келишув (1947; 1997 й. дан Жаҳон савдо ташкилоти), Европа иқтисодий ҳамжамияти (1957; 1995 й. дан Европа Иттифоқи), Европа эркин савдо уюшмаси (1960) мисол бўлади.

Ҳоз. МДҲ доирасида 1997 й. дя Россия билан Белоруссия ўртасида, 1998 й. да Россия, Белоруссия, Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида Божхона иттифоқи юзага келди. Ўзбекистон Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон давлатлари ўртасида ҳам ягона иктисодий макон барпо этиш мақсадларида Божхона иттифоқи ташкил этилди (1998).

Шерқул Шодмонов.