БОЖХОНА — 1) бож ундирадиган жой;
2) чегара орқали ўтадиган жами юкларни, жумладан, багаж ва почта жўнатмаларини назорат қиладиган давлат муассасаси; ўтказилаёган юкларни текшириш, тартибга солиш ва расмийлаштириш, улардан бож ва йиғимлар ундириш билан шуғулланади. Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибқоидаларнинг бузилишини олдини олиш, уларга нисбатан чоралар кўриш, суриштирув ва тезкор қидирув ишлари олиб бориш, контрабандага қарши курашиш ҳам Божхона ваколатига киради. Божхоналар, одатда, денгиз ва дарё портларида, халқаро аэропортларда, темир йўл ст-ялари, чегара пунктларида жойлашади. Божхона муассасалари ташқи савдода мамлакат манфаати таъминланишини назорат қилади, қимматбаҳо бойликлар (санъат асарлари, нодир металлар ва б.) нинг мамлакат ҳудудидан олиб чиқиб кетилишининг олдини олади.
Дастлабки Божхоналар савдогарларга кўрсатиладиган хизматлар учун бож ундириш мақсадларида ташкил этилган. Қад. Хитойда ипак қуртини ташқарига олиб чиқмасликни Божхона қатъий назорат қилган. Буюк Британияда 1006 й. дан бошлаб оролга келтириладиган ҳар қандай юкдан «қирол ҳақи» ундирилган. Болтиқ денгизини Жаҳон океани билан туташтирадиган бўғоздан ўтганлиги учун олинадиган «зунд божи» асрлар давомида Дания қироллиги хазинасини бойитиб келган. Савдо-сотиқ эркинлиги ва хавфсизлигини таъминлашда Божхона муҳим ўрин тутган, олиб ўтилаётган товарга махсус белги қўйилган ва бу товардан бож олинганини ифода этган. Ўрта асрларда карвон йўлларида, махсус жойлар (кўприклар, довонлар ҳамда шаҳар ташқариси ва б.)да савдо карвонларидан бож олувчи Божхоналар бўлган.
Ўрта Осиё ҳудудида Божхоналар узоқ тарихий даврда шаклланиб келган. Ўзбекистонда биринчи ПаттаҲисор Божхонаси 19-а. нинг охирларида Россия империяси Ўрта Осиёни босиб олгандан кейин ташкил этилган. Бу Б. Афғонистон орқали ўтадиган юкларни назорат қилган. Собиқ Иттифоқ вужудга келгач, бу пост Термиз Б. сига айлантирилди. Кейинчалик ҳаво йўлларининг ривожланиши билан 1958 й. да Тошкент аэропортида Тошкент Божхона пости ташкил этилди ва у Термиз Божхонага бўйсундирилди. 1959 й. апр. да Тошкент Божхона пости Божхонага айлантирилди. Ўзбекистон Б. тизимининг кейинги ривожи натижасида 1984 й. да Тошкент Божхонаси таркибида бўлган Тузель қўрғони (аэропорт) ва Фарғона Б. постлари барпо этилди. 80-й. лар охирига келиб, Ўзбекистоннинг иқтисодий алоқалари кенгайиши билан Божхона тизимини такомиллаштириш зарурати туғилди. 1988 й. окт. да Тошкент Божхонаси негизида Ўзбекистон Республикаси божхонаси тузилди. Бу Б. лар республика органларига бўйсунмай собиқ Иттифоқ Божхонаси таркибига кирар эди.
Ўзбекистон ўз мустақиллигини қулга киритгач, 1991 й. 24 окт. да Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси тузилди. Ташки иктисодий фаолиятни, Божхона ишини тартибга солувчи қонунлар, меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди, улар халқаро ҳуқуқ меъёрлари билан уйғунлаштирилди. 1997 й. 8 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан Республика Божхона хизматига ҳуқуқни ҳимоя қилиш органи мақоми берилди. 1997 й. 29 авг. да Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 9сессиясида Ўзбекистон Республикасининг Б«ож тарифи тўғрисида», «Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги Қонунлари, 1997 й. 26 дек. да Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодекси қабул қилинди (қ. Божхона кодекси). Қорақалпоғистон Республикасида, барча вилоятларда ва Тошкент ш. да божхона хизмати бошқармалари, қўшни давлатлар б-н чегара ҳудудларидаги магистрал йўлларда шу бошқармаларга қарашли Божхона постлари фаолият кўрсатади.
Республикада Божхона органларининг асосий вазифалари ўз ваколати доирасида Ўзбекистоннинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш; Ўзбекистон Божхона ишларига оид қонунчиликнинг бузилмаслигини назорат қилиш; УзРнинг халқаро шартномалардаги Божхона ишларига оид бандларнинг бажарилиб борилишини таъминлаш; контрабандага қарши кураш; Б. статистикаси, шунингдек ташки иқтисодий фаолият товар номенклатурасини юритиш; валюта назоратини амалга ошириш, стратегик ҳамда республика учун муҳим бошқа маҳсулотларни олиб чиқиб кетилмаслиги устидан назорат юритиш ва б. дан иборат. Ўзбекистон ҳудудида Божхоналар фаолиятини уюштириш ва унга раҳбарликни ЎзР Давлат божхона қўмитаси олиб боради. Ўзбекистон Республикаси Жаҳон божхона ташкилотига аъзо (1994).
Ўткир Комилов.