БОЛ АЖРАТГИЧ

БОЛ АЖРАТГИЧ (асаларичиликда) — рамкадаги мумкатакни бузмасдан ундаги асални ажратиб оладиган машина; марказдан қочма куч таъсирида ишлайди. 1865 й. чех асаларичи конструктори Грушко ихтиро қилган (унгача бол мумкатакни пресслаб олинган). Бол ажратгич цилиндрсимон бак, ички барабанротор ва ҳаракатлантиргичдан иборат. Бакнинг ўртасига тик ўқ ўрнатилган. Бу ўққа бириктирилган барабанга сим тур тортилган. Барабанга ўрнатиладиган рамканинг мумкатаклари (буларнинг оғзи очилган) шу сим тўрга тегиб туради. Ҳаракатлантиргич билан ўқ айлантирилганда мумкатаклардаги асал марказдан қочирма куч таъсирида бак деворига ва ундан бак тубига тушади. Асални бак жўмрагидан идишларга тушириб олинади. Бол ажратгичнинг хордиал, радиал ва комбинациялашган хиллари бор. Хордиал Бол ажратгичда рамкалар хорда бўйича, яъни бак деворига ён томони б-н, радиал Бол ажратгичда рамкалар радиус бўйича жойлаштирилади. Бол ажратгич ҳозир ҳам ишлатилади.