БОЛАЛАР ТЕХНИКА ИЖОДИ — болалар фаолиятининг тури. Одатда бу фаолият моделлар, механизмлар, оддийроқ машиналар, асбоблар, радиоэлектрон қурилмалари ва ш. к. ни ясашдан иборат. Болалар техника ижоди болаларда техникага қизиқишнинг шаклланишига, рационализаторлик ва ихтирочилик қобилиятларининг ривожланишига ёрдам беради, таълимтарбия воситаларидан бири бўлиб хизмат қилади. Ўзбекистонда биринчи болалар техник ижодиёт маркази 1930 й. техника ва қ. х. станцияси номи билан ташкил қилинган эди. ЎзР даги 142 техник ижодиёт марказида 8309 тўгарак ишлаб турибди, уларда болалар техника ижоди билан шуғулланмоқда (2000). Бундай тўгараклар ва улар ишининг мазмуни болаларнинг ёш хусусиятлари ва тайёргарлик даражасига мувофиқлаштирилади. Болалар техника ижоди билан мактабдан ташки таълим муассасалари ҳисобланган ўқувчилар сарой ва уйлари, клубларида ҳам шуғулланадилар.