БОНЛАР

БОНЛАР (франц. bons — яхши, қулай) — 1) хусусий фирмалар, маҳаллий бошқарув идоралари, корхоналар ва давлат томонидан чиқариладиган қисқа муддатли қарз мажбуриятлари. 2) майда пул вазифасини бажарадиган қоғоз пул белгилари. Б. биржада муомалада юради, котировка (нарх белгиланади) ўтказилади, майда почта ўтказмаларини расмийлаштиришда фойдаланилади. Францияда давлат (хазина) облигациялари, қисқа муддатли кредитлар, банк чеклари, почта ва б. ҳужжатлар Бонлар деб аталади. Фуқаролар уруши даврида Туркистон билан Марказ ўртасида алоқа қийинлашган вақтларда (1918—20 й. лар) Тошкент ва Андижонда хам Бонлар (туркбонлар) чиқарилган. Кейинчалик собиқ Иттифоқда Бонлар чиқариш ман қилинган;

3) муомаладан чиққан ва коллекция ёки бонистика (қоғоз пулларни ўрганадиган тарих фани соҳаси) предметига айланган қоғоз пуллар.