БОРБАД

БОРБАД, Барбад, Паҳлабод, Фахлиз Марвий (тахм. 585, Нисо — 628/38, Марв) — аток^и созанда, хонанда, шоир ва бастакор. Дастлаб ижро ва ижод сирларини ўз отасидан ўрганган, Марвга кўчиб, бу ердаги машҳур устозларга шогирд тушган. Кейинчалик (618—28) Сосонийлар давлати шоҳи Хусрав [I Парвиз саройи (Ктесифон) да хизмат қилган. Манбаларда Борбад айниқса туркумли (хусусан, сосонийлар томонидан давлат дини мақомига кўтарилган Зардуштийлик маросимлари билан боғлиқ бўлган), муайян тизимдаги асарларга меҳр қўйганлиги таъкидланади.

Абу Наср Форобийнинг «Китоб улмусиқо алкабир» («Мусиқа ҳақида катта китоб»), Абу Абдуллоҳ алХоразмийнинг «Мафотиҳ алулум» («Илмлар калити»), Муҳаммад Нишопурийнинг «Рисолаи дар илми мусиқий», Абдулқодир Мароғийнинг М«ақосид алалҳон» («Куйларнинг келиб чиқиш ўрни») сингари рисолаларда Борбад яратган машҳур 7 қисмли «Хусравоний» туркуми, шунингдек «Достон» дея номланган куй ва қўшиқлар таърифланади, ижодий жараёни таҳлил этилади.

АлЖоҳиз (775818), Абулфараж Исфаҳоний (897967), Абумансур Саъолибий (9611038) каби муаллифларнинг илмий бадиий асар (ҳар хил тазкира ва мажмуа) лари Б. ижодига мансуб 360 та қўшиқ, 30 та чолғу куйлари ҳамда 7 та «Хусравоний» — Шарқда кенг тарқалган фазовий тафаккур инъикоси, яъни қамарий йилнинг 360, ойнинг 30 ва ҳафтанинг 7 кунлари билан боғлиқ бўлганлигини таъкидлайди.

Абулқосим Фирдавсий «Шоҳнома» си, Низомий Ганжавий «Хусрав ва Ширин» и, Амир Хусрав Деҳлавий «Ширин ва Хусрав»и, шунингдек кейинги даврларга оид қатор бадиий асарларда Борбаднинг иссиқнафас ҳофиз, моҳир созанда, бадиҳагўй бастакор эканлиги ифодаланган. Б. Ўрта Шарқда мумтоз мусиқа санъатининг илк профессионал намоянласи даражасига кутарилган ва айнан шу соҳа асосчиси сифатида тарихдан урин олган. 1990 й. Душанбада Борбад таваллудининг 1400 йиллигига бағишлаган Халқаро мусиқа анжумани бўлиб ўтди, Борбад номидаги Халқаро мусиқа жамғармаси ташкил этилган, ҳар 5 й. да ҳофиз, созанда ва мусиқашуносларга бериладиган Борбад номидаги мукофот таъсис этилган.

Ад.: Фирдавсий, Шоҳнома, III китоб. Ҳофиз Борбад қиссаси (Ж. Жабборов таржимаси). Т., 1977; Борбад, эпоха и традиции культуры, (Сб. статей), Душанбе, 1989.