БОРДО

БОРДО — Франциянинг жан. ғарбидаги шаҳар, Жиронда департаментининг маъмурий маркази, Гиень ва Гасконь тарихий вилоятининг бош шахри. Гаронна дарёси бўйида, Атлантика океанининг Бискай қўлтиғи яқинида. Аҳолиси 208 минг киши (1990). Мамлакатнинг саноат марказларидан, транспорт йўллари тугуни. Денгиз кемалари кира оладиган йирик порт (юк ортиб тушириш йилига 10 млн. т). Бордо орқали четдан нефть, кумир, фосфат, озиқ-овқат ва б. моллар келтирилади; четга виноарақ, нефть маҳсулотлари, ёғочтахта, газмол чиқарилади. Нефтни қайта ишлаш, кемасозлик, авиасозлик, машинасозлик, кимё з-длари, тўқимачилик, озиқ-овқат корхоналари бор. Б. да кўплаб вино тайёрланади ва сотилади. Шаҳарда унт (1441 й. дан), бир қанча музей ва театрлар бор. Франциянинг энг қад. шаҳарларидан. Марказий майдонлари 18-а. да қурилган. Тарихий бинолардан собор (12 — 14-а. лар) ва Катта театр (1773—80) сақланган.