БОРЕАЛАТЛАНТИКА ОБЛАСТИ

БОРЕАЛАТЛАНТИКА ОБЛАСТИДунё океани зоогеография областларидан бири. Арктиканинг жан. ва Атлантика океанининг шим. қисмини эгаллаган. Бореалатлантика Областининг Арктика области б-н чегараси шим. да Ньюфаундленднинг шарқий соҳилларидан Исландиягача, ундан Баренц денгизининг Марказий қисмигача боради. Жан. да Бореалатлантика Областининг шартли чегараси Делавэр кўрфазидан Испаниянинг шим. қирғоқларигача бўлган чизиқ бўйлаб ўтади. Бу область физикгеографик хусусиятларига биноан БореалПацифик областига ўхшаб кетади, лекин ундан жан. ва шим. қисмларидаги сув юзаси ҳарорати ўртасидаги фарқнинг катта бўлмаслиги, сувининг абсолют чуқурлиги ва ҳажмининг кам бўлиши, айрим саёз денгизлар сувининг кам шўрланганлиги билан фарқ қилади. Бореалатлантика Областида одам фаолиятининг ҳайвонлар яшаш шароитига таъсири жуда катта.

Бореалатлантика Области денгизлари фаунаси БореалПацифик область фаунасига нисбатан унча бой эмас, антропоген омилларнинг таъсири кучли. Сут эмизувчилардан бискай кити, оқбиқин дельфин, узунтумшуқ тюлень эндемик ҳисобланади. Атлантика дельфини кенжа тури — афалина ва Қора денгиз дельфини бу область учун хос, Бореалатлантика Областининг шим. шарқида, унинг Арктикага ёндош қисмида Гренландия тюлени учрайди. Қушлардан балиқчи қушлар, оддий гагарка (Арктика области чегарасила), тентакқуш ва кичик бўрон қуши; треска симон ва ссльдсимонлардан мерлуза, пикша (эндемик), атлантика сельди, атлантика трескаси, болтиқ сельди (салака) ва б. бир қанча турлари ана шу область учун хосдир. Дельфинлардан денгиз чўчқаси, қушлардан тентакқуш ва шим. кочурга, қисқичбақасимонлар, моллюскалар ва нинатерилиларнинг айрим турлари ҳам амфибореал ҳисобланади. Ҳоз. даврда Бореалатлантика Областида тарқалган бир қатор турларни муҳофаза қилиш мақсадида бир қанча ҳайвонларни овлашни чеклаш ёки бутунлай ман қилиш чоралари ишлаб чиқилмоқда. Бироқ аҳолининг Бореалатлантика Области денгизлари соҳилларида жуда зич жойлашганлиги, одам хўжалик фаолиятининг интенсивлиги ҳайвонларни муҳофаза қилиш тадбирларини амалга оширишни қийинлаштиради.