БЎРИ

БЎРИ, қашқир (Canis lupus) — итсимонлар оиласига мансуб йиртқич сут эмизувчи ҳайвон. Европа, Осиё ва Шим. Америкада тарқалган. Ўзбекистоннинг чўл, даштлари, ўрмон, тўқай, тоғ ва тоғ этакларида тарқалган; қор ва муз билан қопланган баланд тоғлар ва тундрада ҳам яшайди. Бўри қоялар орасига, тўқайлик ва жарликларга, қуруқ қамишзорларга ин қуради. Тулки инларидан ҳам фойдаланади. Бўри инида болалайди ва болаларини парвариш қилади. Чорвачилик р-нларида подалардан узоққа кетмайди. Бўри янв. ойидан бошлаб урчийди. Урчиш вақтида эркаклари урғочисини талашиб қаттиқ уришади. Бўри моногам ҳайвон. Жуфти узоқ муддат сақланиб қолади. Ҳомиладорлик даври 62 — 65 кун. Ёш бўри 3—5 та, қариси 6—8 та, баъзан 10—13 та бола туғади. Боласини 5—6 ҳафта эмизади. Боласи 3 ҳафталигида инидан чиқа бошлайди. Урғочиси эмизикли даврида эркаги овқат олиб келиб туради. Болалари гўшт билан озиқланишга ўтгандан сўнг она бўри ҳам ўлжа тутиб кела бошлайди. Авг. охиридан бошлаб ёш бўрилар ҳар хил майда кемирувчиларни тутиб ея бошлайди. Сент. да катталари билан биргалашиб, уй ҳайвонларини ва ёввойи ҳайвонларни ов қилишга ўрганади. Нояб. га қадар 10—15 та бури гала бўлиб юради. Ўлжа топиш қийин бўлиб қолганда битта ёки иккитадан бўлиб, тарқалиб кетади. Эркаги 2 ёшида, урғочиси 2—3 ёшида вояга етади. Бўри 15—16 йил яшайди. Йилда икки марта — баҳор ва кузда туллайди. Бўри кучли, чидамли ва чаққон, ҳид билиш ва эшитиш органлари яхши ривожланган ҳайвон. Гўшт билан озиқланади, баъзан олма, қовун, тарвуз каби меваларни ҳам ейди. Асосан, уй ҳайвонлари ва ёввойи ҳайвонлар, қуён, юмронқозиқ каби кемирувчилар, қушлар, ҳатто ўлимтиклар билан озиқланади. Бўри жуда очкўз ва хўра, иккитаси битта қўйни еб қўйиши мумкин. Подага ҳужум қилганда кўп қўйни нобуд қилади. Бир нечта Бўри биргаликда ёки туда бўлиб ов қилади. Қутурган ва очиққан бўрилар одамга ҳам ҳужум қилиши мумкин. Бўрининг 12 та кенжа тури бор. Ўрта Осиёнинг чўл, дашт ва паст тоғларида чўл бўриси (С. 1. campestris), Помир тоғларида тибет бўриси (С. 1. laniger) кенжа турлари яшайди. Баъзан қора Бўри ҳам учрайди, унинг териси қимматбаҳо ҳисобланади. Ўзбекистонда чўл бўриси тарқалган.

Prev Article

БЎРЖАР ГЭС

Next Article

БЎРОНОВ