БОРИДЛАР — борнинг металлар билан бирикмаси. Боридлар металл т-раси кўтарилиши б-н электр қаршилиги ортиши, электр ва иссиқни яхши ўтказиши, металлга ўхшаб ялтираши ва металлмас (яримўтказгичлик хоссаси) моддаларга хос физик хоссалари билан бошқа бирикмалардан фарқ қилади. Титан, цирконий, гафний, ванадий, ниобий, тантал, хром, молибден, вольфрам каби юқори трада эрийдиган металларнинг ҳамда кальций, стронций, барий каби ишқорий металларнинг Боридлари маълум. Рух, кадмий, олтин, кумуш, симоб, галий, индий, таллий, қўрғошин, қалайи Боридлар ҳосил қилмайди. Боридлар бир неча усулда олинади. Кимёвий барқарорлиги, асосан, Боридлар панжараларидаги борбор боғланиш кучлари билан белгиланади. Гексаборидлар (МеВ6) ва додекаборидлар (МеВ,2) кимёвий жиҳатдан энг барқарор Боридлар ҳисобланади. Кўпгина Боридлар кислотага чидамли, мас, ТаВ2 га ҳатто қайнайдиган зар суви ҳам таъсир қилмайди. Боридлар ўта қаттиқ (микроқаттиқлиги 20—30 Гн/ м2), узилишга мустаҳкамлиги (380 Мн/м2), оловбардошлиги юқори. Боридлар радиоэлектроника, ядро техникаси, металлургия, машинасозлик ва асбобсозликда ишлатилади. Улардан реактив двигатель деталлари, газ турбина парраклари ясалади.