
БЎРИГУЛ
БЎРИГУЛ (Vinca erecta Regel et Schmalh.) — кендирдошлар оиласига мансуб ётиқ илдизпояли кўп йиллик ўт. Битта илдиз бўғзидан 15—40 см узунликдаги бир неча поя чиқади. Барги текис қиррали, бандсиз, қарамақарши жойлашган. Апр. дан июлгача гуллайди, гули оқ ёки оч бинафша рангли, ҳар бир барг қўлтиғида биттадан бир чаноқли ясси меваси бўлади. Б. Угом, Фарғона, Ҳисор тоғларининг жан. қияликларида, қоялар ва чағиртошли тоғ ён бағирларида ўсади. Ўзбекистон ФА Ўсимлик моддалари кимёси ин-тида Бўригулдан 40 га яқин алкалоид (винкалин, винкаметрин, винканидин, эрвинин, эрвамин ва б.) ажратиб олинган.