БОРОДИН Сергей Петрович

БОРОДИН Сергей Петрович [1902. 25.9 (8) , Москва—1974. 22.6, Тошкент) — рус ёзувчиси. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1973). 1941 й. гача Амир Саргижон тахаллуси билан ижод қилган. В. Я. Брюсов номидаги адабиёт ин-тини тугатиб (1926), халқ оғзаки ижоди билан шуғулланган. Бухоро, Самарқандга уюштирилган фольклорэтнография экспедицияларида қатнашган (1923 — 26). 1950 й. дан Тошкентда. «Сўнгги Бухоро» (1931), «Мисрлик» (1932) романлари ва «Уста қушчи» ҳикоялар тўплами (1934) Ўрта Осиё халклари ҳаётига бағишланган. «Самарқанд осмонида юлдузлар» туркумидаги (1953 — 73) асарларида ҳам Ўрта Осиё халқларининг 14-а. охири — 15-а. бошларидаги ҳаёти акс эттирилган. Бироқ уларда баъзи тарихий шахслар образи сохталаштирилиб, бир ёқламаликка йўл қўйилган. Тарихий роман — «Дмитрий Донской» (1941) муаллифи. Бородиннинг айрим асарлари узбек тилида нашр этилган. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1968).