БОРСАКЕЛМАС ҚЎРИҚХОНАСИ — Орол денгизининг Борсакелмас о. даги қўриқхона. Қозоғистон Республикаси Қизилўрда вилоятида. 1939 й. да ташкил этилган. Майд. 20 минг га. Саксовулзорлар ва юлғунзорлар бор. Оролда сайғоқ, жайран кадимдан яшаб келган, лекин кўплаб овланиши натижасида қирилиб кетган. 1939—50 й. ларда Борсакелмас қўриқхонасига Бетпакдала ва Сарисув атрофларидан эркак ва урғочи сайғоқлар, 1950 й. да Қорақалпоғистондан жайранлар, 1953 й. да Бодхиз қўриқхонаси (Туркманистон) дан қулонлар келтирилган. Ҳайвонлар орол шароитига мослашиб, кўпайиб бормоқда. Борсакелмас қўриқхонаси ташкил этилгандан бошлаб, сайғоқ, жайран, қулон, қирғовул ва б. нинг экологик шароитларини ўрганиш ва уларни кўпайтириш соҳасида тадқиқотлар олиб борилади.