БОРСАКЕЛМАС

БОРСАКЕЛМАСОрол денгизининг шим. ғарбий қисмидаги орол. Қозоғистоннинг Кизилўрда вилоятида. Уз. 27 км, эни ғарбда 11,5 км, шаркда 2,5 км. Майд. 133 км2 (1961). Қирғоқлари асосан текис, паст, жан. қирғоғи бир оз баланд ва қояли. Ер юзаси тепалик ва сойликлардан иборат пасттекислик. Аксари қисмининг бал. 100 м, энг баланд жойи 113 м. Б. да доимий ва муваққат кўллар, соҳилида шўр кўллар учрайди. Оролнинг шим. ярми қумли пасттекислик, унда қум тепалари ва тақирлар кўп. Борсакелмас асосан палеоген (юқори эоцен) нинг мергелли ва қумли гиллари ҳамда кварцли қумларидан, жан. энг баланд қисми қуйи ва ўрта олигоценнинг гил, алеврит ва қумтошларидан ташкил топган. Оролнинг шим. ва шарқининг гил ётқизиқлари устини голоценнинг чўкинди жинслари қоплаган. Иқдими континентал; июлнинг ўртача т-раси 26°, янв. ники — 11°, ўртача йиллик ёғин 120—160 мм. Борсакелмасда кўпроқ бўзқўнғир тупроқлар, тақирли тупроқлар, шўрхоклар тарқалган. Сийрак чўл ўсимликлари, кўпроқ шувоқ, шўра, бурган, шўртоб ва шўрхок ерларда қиёқ, қамиш ўсади, ондасонда саксовулзорлар учрайди. Қумли ерларда қизилча, каучукли хондрилла, янтоқ, ёввойи сули ўсади. Баҳорда қўнғирбош, лола, буғдойиқ, равоч каби эфемер ўсимликлар ўсади. Борсакелмасда сут эмизувчиларнинг 13 тури, паррандаларнинг 202 тури, судралиб юрувчиларнинг 8 тури яшайди. Шунингдек хос ҳайвонлардан қўшоёқ, олахуржун, юмронқозиқ, сайғоқ, жайран, қулон, тулки, типратикан, думалоқбош калтакесак, заҳарли қалқонтумшуқ илон, чипорилон, сувилон, паррандалардан булдуриқ, йилқичи, сув бургутлари, миққий, тўрғай, қарқуноқ, қарға, зоғча, чумчуқлар бор. Тўқайзорларда ўрдак, лойхўрак, балиқчи қушлар, денгиз бўйида қоравойлар галагала бўлиб яшайди. Борсакелмасда ўсимлик ва ҳайвонларни сақлаш ва кўпайтириш мақсадида 1939 й. да Борсакелмас қўриқхонаси ташкил этилган. 1961 й. дан эътиборан денгиз сатҳининг пасайиши натижасида оролнинг майдони кенгайиб бормоқда, ҳозирда у қуруқлик билан туташди.