БОРТ, кема борти (нем. bord) — 1) кема танаси (корпуси) нинг ён деворларини ҳосил қиладиган қисмлари ва қопламаси мажмуи. Кема қуйруғидан тумшуғига томон қараладиган бўлса, чап томондаги Борт чап (бакборт), ўнг томондаги Борт ўнг (штирборт) Борт деб аталади. Кеманинг юк кўтарувчанлиги Борт баландлигига боғлиқ бўлади. Бортнинг сувдан чиқиб турадиган қисми баландлиги кеманинг сузувчанлик захирасини белгилайди; кеманинг оғиш бурчаги катта бўлган ҳолларда у кеманинг турғунлигига ва тананинг бўйлама мустаҳкамлигига ҳам таъсир қилади. Кеманинг ўрта қисмида Борт, одатда, тик (вертикал) қилиб, баъзан, ташқари томонга, музёрар кема ва б. баъзи хил кемаларда ичкари томонга қия қилиб ясалади;
2) космик кема, самолётнинг ичи;
3) автомобиль кузови; 4) бильярд столининг ён девори.