БОРТДАГИ МУВАҚҚАТ ДАСТУР ҚУРИЛМАСИ

БОРТДАГИ МУВАҚҚАТ ДАСТУР ҚУРИЛМАСИ (космонавтикада) — космик учиш аппарати (космик кема) бортига ўрнатиладиган электрон асбоб. Вазифаси — бортдаги тизимларнинг бошқарувга доир буйруқ (команда)ларни белгиланган аниқ бир вақтда бериши. Буйруқларни бериш дастури, яъни буйруқлар кетмакетлиги ва орасидаги вақт олдиндан (мас, учишга тайёргарлик вақтида) белгилаб қўйилиши ёки парвоз пайтида радиойўли орқали Ердан узатилиши мумкин. Агар буйруклар Ердан узатилса, бортда киритилаётган дастурни хотирада сақлаб қоладиган қурилма (хотира қурилмаси) зарур бўлади. Бортдаги муваққат дастур қурилмаси, одатда, яримўтказгичли элементлардан ясаладиган мураккаб электрон тизимдан иборат. У радиосигналлар етиб бормайдиган ҳолларда ва Ер билан қилинадиган радиоалоқалар оралиғида космик кемани бошқаришга имкон беради.