БОШ РЕЖА

БОШ РЕЖА, асосий режа — 1) меъморликда шаҳар ва б. нинг келажакдаги ривожини акс эттирувчи илмий асосланган лойиҳа. Аҳоли яшайдиган манзиллар (шаҳар, қишлоқ, йўлдош шаҳарча ва б.) да янги бинолар қуриш, меъморий обидаларни таъмирлаш, кўкаламзорлаштириш, кўча, майдон, транспорт йўллари, ер ости йўллари, канализация ва б. ни вужудга келтириш кабилар акс этади. Шаҳар қурилиш ишлари (меъморлик, муҳандислик, тиббий, ижтимоий тараққиёт даражаси б-н қуриш ва лойиҳалаш ишлари, аҳоли ўсиш даражасини ҳисобга олиш) ва б. лойиҳалар Бош режага бўйсундирилади. Унда шаҳарнинг маълум йилларда кўзда тутилган тараққиёти, қайта тиклаш ишлари, қурилишларнинг муддатлари мужассамланган бўлади;

2) саноат корхонаси Бош режаси корхона лойиҳасининг асосий қисмларидан бири бўлиб, таркибига и. ч. биноларини жойлашиши, транспорт алоқалари, ҳудудини ободонлаштириш ва б. масалаларни режалаштиришни уйғунликда ҳал қилиш киради.

Next Article

БОША