БОШГИДРОМЕТ

«БОШГИДРОМЕТ», Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология бош бошқармаси — Ўрта Осиёдаги йирик бошқарув ва и. т. маркази. 1992 й. да ташкил этилган. Таркибида атроф муҳитнинг ифлосланиш мониторинги, гидрометеорологах жараёнларга ҳарбийлаштирилган таъсир кўрсатиш бошқармалари, гидрометеорология маркази, техника бошқармаси, В. А. Бугаев номидаги Ўрта Осиё гидрометеорология и. т. инти, «Гидрометасбоб» илмий и. ч. бирлашмаси, Тошкент гидрометеорология техникуми, 400 дан ортиқ гидро ва метеорология кузатиш пунктлари бор. «Бошгидромет» гидрология, гляциология, гидрометеорологик жараёнларга фаол таъсир кўрсатиш, қ. х. метеорологияси, синоптик тадқиқотлар, иқлимшунослик, стратосфера озонини ўрганиш, атроф муҳитнинг ифлосланишини тадқиқ этиш соҳалари бўйича йирик марказ ҳисобланади. «Бошгидромет» 1993 й. дан Жаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ) га аъзо. «Бошгидромет» ЖМТ ва Жаҳон обҳаво хизматининг дастурларини бажаради, БМТ доирасида Ўзбекистон Ресцубликаси аъзо бўлган бир қатор халқаро дастурлар ва конвенцияларда қатнашади.