БОШЛАНҒИЧ МАКТАБ

БОШЛАНҒИЧ МАКТАБ — болаларга бошланғич умумий маълумот берадиган умумтаълим ўқувтарбия муассасаси. Унинг вазифаси ўқувчиларда ёзиш, ўқиш, ҳисоблаш малака ва кўникмаларини ҳосил қилиш, табиат ва жамият ҳақида илк билимлар бериш, хулқодобга ўргатишдир. Ҳоз. Ўзбекистон ҳудудида дастлабки Бошланғич мактаб —мактабхоналар араб халифалиги томонидан Ўрта Осиё ерлари босиб олингандан кейин (7-а.) маҳаллий халқ ва уларнинг болаларини мусулмон руҳида тарбиялаш мақсадида очилган. Туркистон чор Россияси томонидан босиб олинганидан кейин рус амалдорлари ва ҳарбийларининг болалари учун 1869 й. Тошкентда дастлабки рус Бошланғич мактаби очилди. Туркистонда маҳаллий аҳоли болалари учун 19-а. охирларида очилган рустузем мактаби ҳам Бошланғич мактаб дир. 1900 й. дан Ўзбекистон ҳудудида «жадид мактаби» номи билан юритилган янги усул мактаблари ҳам иш бошлаган. Бу мактаблар Туркистон маҳаллий халқлар миллий мактабларининг куртаклари бўлган. Янги усул мактаблари ҳам асосан 1—4 синфдан иборат Бошланғич мактаб ҳисобланган. 1917 й. окт. тўнтаришидан кейин, 1918 й. 13 дек. да Туркистон маориф халқ комиссарлиги қарорига биноан рустузем мактаблари халқ мактабларига айлантирилди. 1922 й. дан тайёрлов (яриминчи) синфдан кейинги 1—3 синфлардан иборат мактаблар 1босқич мактаб, яъни Бошланғич мактаб ҳисобланган. 1918—24 й. ларда ҳоз. Ўзбекистон ҳудудидаги барча миллий мактаблар 1босқичли мактаблар бўлган. Бошланғич мактаб сони 1918 й. да 992, 1919 й. да 1847, 1921 й. да 2022, 1922 й. да 1239, 1923 й. да 1007, 1924 й. да 1271 та бўлган. 1930/31 ўқув йилидан Ўзбекистонда умумий мажбурий бошланғич таълим жорий этилиши муносабати билан Бошланғич мактаб ларда таълим муддати 4 й. қилиб белгиланди. 1969/70 ўқув йилидан рус мактабларида, 1970/71 ўқув йилидан ўзбек мактабларида 3 й. лик бошланғич таълимга ўтилди. Шу йиллардан бошлаб Бошланғич мактабнинг мавқеи ва аҳамияти тубдан ўзгарди; умумий таълимнинг мустақил, тугал босқичи деган хусусиятини йўқотиб, фан асосларини изчил ўрганишга тайёрланиш босқичи бўлиб қолди. 1991/92 ўқув йилидан ЎзРда Бошланғич мактаб ларда яна 4 йлик бошланғич таълимга ўтилди. «Таълим тўғрисида»ги қонун (1997 й. 29 авг.)да Бошланғич мактаб таълимининг янги мазмуни белгиланди. 2000/2001 ўқув йили бошида Ўзбекистонда 207 Бошланғич мактаб бўлиб, уларда 30684 ўқувчи таълим олди (яна қ. Бошланғич таълим).

Йўлдош Абдуллаев.