БОШЛАНҒИЧ ТАЪЛИМ

БОШЛАНҒИЧ ТАЪЛИМ — умумий ўрта таълимнинг дастлабки босқичи. ЎзРда Бошланғич таълим 1—4синфларда болаларга илк таълим бериш, уларни маънавий камол топтиришнинг бошланиш даври ҳисобланади. У 1—4синфларни ўз ичига олади ва ўқиш 6—7 ёшдан бошланади. Бунда таълим мазмунини белгилаш муҳим аҳамиятга эга. ЎзРнинг 1997 й. 29 авг. да қабул қилинган «Таълим тўғрисида»ги қонунида Бошланғич таълим умумий ўрта таълим олиш учун зарур бўлган саводхонлик, билим ва кўникма асосларини шакллантиришга каратилган. Бошланғич таълим синфлари учун ўқув режаси ва дастурлари мавжуд. Бошланғич таълимда ўқув режаси асосида она тили, мат., тиббиёт, тарих (тарихий мавзулардаги матнлар асосида), рус тили, тасвирий санъат, жисмоний тарбия бўйича машғулотлар ўтказилади. Она тили дарсида хатсавод ўргатилади, нутқни ўстириш, ўқиш ва ёзишга ўргатиш юзасидан махсус машғулотлар ўтказилади, дастур асосида имло қоидалари ва баъзи грамматик воситалар тўғрисида дастлабки маълумотлар берилади. Мат. дарсида 4 арифметик амал ичида ҳисоблаш (қўшиш, айириш, кўпайтириш ва бўлиш) ўргатилади, алгебра ва геом. га оид илк тушунчалар билан таништирилади. Бошланғич таълимда мактаб дастурида белгиланган билим, малака ва кўникмаларни ўргатиш ҳамда ҳосил қилишга эришиш учун таълимнинг турли усуллари, шакллари ҳамда воситаларидан фойдаланиш асосида иш олиб бориш талаб қилинади (яна қ. Бошланғич мактаб).

Йўлдош Абдуллаев.