БОШОЁҚЛИ МОЛЛЮСКАЛАР

БОШОЁҚЛИ МОЛЛЮСКАЛАР (Cephalopoda) — юксак тузилган денгиз моллюскалари синфи. Танаси (уз. 1 см дан 5 м гача) билатерал симметрияли, одатда, тана ва йирик бош бўлимларидан иборат. Оёғи воронкага айланган. Танаси қалин мантия билан қопланган. Ички органлари кенг мантия бўшлиғида жойлашган. Оғиз тешиги атрофида 8 ёки 10 та пайпаслагичлари (оёқлари) бўлади. Пайпаслагичларида бир неча қатор бўлиб жойлашган жуда кўп сўрғичлари бор. Кўпчилик турларининг чиғаноғи эволюция жараёнида редукцияга учраган ёки мантия бурмалари ичида пластинка ҳолида сақланиб қолган. Ҳақиқий чиғаноқ фақат наутилусда бўлади. Урғочи аргонавт чиғаноғи эса тухумларини олиб юришга мослашган. Бош мияси тоғай скелет билан қопланган. Тўтиқуш тумшуғига ўхшаш эгилган бир жуфт жағлари озиғини ушлаб туриш ва майдалаш учун хизмат килади. Қирғичлари ва 2 жуфт сўлак безлари бор. Орқа ичагига сиёҳ халтаси йўли очилади. Бош мияси йирик, бошининг икки ёнида йирик ва яхши ривожланган кўзлари жойлашган. Бошоёқли моллюскалар рангини тез ўзгартириш хусусиятига эга (ниқобланиш). Аксарият турларида нур таратувчи органлари бўлади. Қон айланиш системаси деярли ёпиқ. Айрим жинсли, баъзи турларида жинсий диморфизм яхши ривожланган. Эркаги пайпаслагичларининг ўзгаришидан ҳосил бўладиган сперматофори (гектокотил) ёрдамида уруғ ҳужайраларини урғочисининг мантия бўшлиғига ёки уруғ қабул қилгичига киритади. Тухумлари йирик, сариқ моддаси кўп. Тухумдан вояга етган даврига ўхшаш моллюска чиқади. Бошоёқли моллюскалар, одатда, реактив усудда фаол ҳаракат қилади. Бунинг учун бошининг пастида жойлашган 2 та тирқиш орқали сув мантия бўшлиғига киради; мантия деворида мускуллар кучли қисқарганда сув воронкаси орқали куч билан отилиб чиқиб, моллюска танасини суради. Кўпчилик турларида танасининг кейинги томонида ва икки ёнида бир жуфт сузгичлари бўлади. Ҳоз. Бошоёқли моллюскаларнинг 650 га яқин тури океан ва очиқ денгизларда тарқалган, 2 та (тўрт жабралилар, икки жабралилар) кенжа синфга бўлинади. Тўрт жабралилар энг қад. содда тузилган (мас, наутилус), икки жабралилар эса қолган барча ҳоз. моллюскаларни уз ичига олади. Пелагик ва денгиз тубида ҳаёт кечиради. Йиртқич, бентофаг ва плантофаг озиқланади. Кўпчилик Бошоёқли моллюскалар гўшти учун овланади. Айрим турлари фармацевтика саноати учун хом ашё ҳисобланади. Дунё бўйича ҳар йили 1,63 млн. т га яқин Бошоёқли моллюскалар овланади (қ. Моллюскалар).