БОШҚАРУВ ИШЛАРИНИ АВТОМАТЛАШТИРИШ — корхоналар, идоралар, ҳудудий бирлашмалар, шаҳар хўжалиги, тармоқ ва ташкилотлар фаолиятини бошқариш масалаларини ҳал қилишда математик усуллар, автоматик қурилмалар ва ҳисоблаш техникаси воситаларини қўллаш.
Ҳар хил ахборот жараёнларини автоматлаштириш имконияти Бошқарув ишларини автоматлаштириш тизимини яратишда асосий илмийтехник асос ҳисобланади. Ишлаб чиқилган техник воситалар эвазига бошқаришдаги ахборот жараёнлари технологиясини бутунлай ўзгартириш мумкин. Бошқача айтганда, и. ч. ва хўжалик фаолиятидаги ҳолатни акс эттирувчи маълумотларнинг тезкорлиги ва ишончлилигини таъминлаш, маълумотларни қайд қилишни содда ҳолатга келтириш, зарур хабарларни излаш ва гуруҳлаш, уларнинг тезлигини ошириш, ахборот сақлашни мукаммаллаш, ҳисоботлар тайёрлашда киши меҳнатини камайтириш, хўжалик бўғинлари орасидаги ўзаро боғланиш ва ахборот оқими сифатини кўтариш, иккинчи даражали маълумотлардан холи бўлиб, бўғинлараро ахборот оқимини тартибга солиш, бошқариш учун олинган маълумотларни саралаб, мураккаб таҳлил ишларини бажариш, башоратлаш, мақбуллаш, режалаштириш ва ташкиллаш масалаларини ҳал қилиш. Бундам тизимларни барпо этишдан асосий мақсад уларнинг техник асоси ҳисобланган ЭҲМни яратиш, ахборот жараёнларини автоматлаштиришга қодир тизим маълумотларини ҳар томонлама ишлаб чиқиш.
Одамнинг техник воситалар билан ўзаро мулоқотини енгиллаштирадиган маълумотларни қайта ишлаш қурилмалари, айниқса, ахборотларни қайд қилиш ва акс эттириш босқичидаги ҳар хил қурилмалар Бошқарув ишларини автоматлаштириш тизимини халқ хўжалигига жорий этишни тезлаштиришга имкон беради.
Ахборот жараёнларини автоматлаштириш асосида энг мукаммал математик моделлар қуриш ҳамда мақбул режалаштириш, лойиҳалаш ва бошқариш масалаларини ечиш усулларидан фойдаланишга имкон туғилади. Ахборот жараёнларини қулда ёки механик равишда бажаришга асосланган анъанавий бошқариш тизимларидан Бошқарув ишларини автоматлаштиришнинг фарқи шуки, бу тизимни яратиш ва фойдаланишни ташкил этишнинг асосий йўлйўриқлари махсус қоидалар кўринишида ифодаланган бўлади. Бошқарувнинг айрим босқичларидаги жараенларни автоматлаштириш ва механизациялаш масалани ечишга доир маълумотларни тайёрлашга кетадиган меҳнатни камайтирмайди. Бу ҳолатда ахборотни киритиш ва чиқариш, намуналар ҳамда дастур аппаратини тайёрлашда параллелликнинг бузилиши дастур ва ахборотни қайта ишловчи техник воситаларни ишлатишда қийинчилик туғдиради. Бу қийинчиликлар тезкор ва ҳақиқий маълумотлар асосида келажакни узоқ муддатга башоратлаш масаласини ҳал қилишда, режали топшириқларни тезкорлик билан бажаришда, бошқаришда фойдаланиладиган маълумотларни такдим этишдаги кечикишларга сабаб бўлади. Бошқарув ишларини автоматлаштириш шу жиҳатдан ҳам самаралики, унда биринчидан ҳисобга олиш ва бошқариш масалалари ягона мажмуа ичида ҳал бўлади, иккинчидан, ахборотнинг ҳаракат йўли, яъни бирламчи ахборотдан тортиб то бир тизимга солинган бошқарув маълумотларигача бутунлай қамралади. Бошқарув ишларини автоматлаштириш тизимининг ягона математик модели, яъни ҳар хил даражадаги ўзаро боғланган математик моделлар мажмуи бўлади. Бу моделлар мажмуи асосида тизимда автоматик равишда мақбуллаш (оптималлаш) ва режалаштириш масаласи қўйилади ва ечилади. Бу тизимнинг унумдорлигига ҳамма амалларнинг автоматик равишда бажарилиши эвазига эришилади. Бошқарув ишларини автоматлаштириш бошқарувнинг ташкилийиқтисодий тизими турига киради. Бошқарув ишларини автоматлаштириш мураккаб тизим бўлиб, ўз таркибида туб тизимларни мужассамлаштиради. Бу тизим маълум белгиларга асосланиб ажратилган ва бошқаришнинг аниқ максад ҳамда масалаларига жавоб берадиган тизимнинг бир қисмидир. Шу масалалар доирасида уни алоҳида тизим деб қараш мумкин. Бошқарув тизимининг математик таъминоти ёки дастурлар тўплами одатда икки гуруҳга: ташқи ва ички гуруҳларга бўлинади. Биринчи гуруҳ дастурлар тўплами тизимининг юқорида санаб ўтилган айрим вазифаларини, яъни параметрларнинг йўл қўйилган оралиқдан четлашиш ҳолларини ҳисобга олиш, и. ч. режаларини тезкорлик билан текислаш каби бир қатор вазифаларни бажаришга имкон яратади. Ички математик таъминот гуруҳидаги дастурлар эса бошқариш тизимидаги ҳисоблаш мажмуининг ишлашини таъминлайди. ЭҲМлар учун тузилган дастурлар оддий амалларни бажарувчи буйруқлар занжиридан ташкил топади. Буйруклар занжири ихтиёрий бўлмасдан, балки масалани ечишнинг бирор математик усулини амалга оширишга мўлжалланади. Бу усул кўп ҳолларда олдиндан формулалар ёки ифодалар орқали берилган бўлади. Агар математик формулалар ва мантиқий шартлар асосида қўйилган масалани ечиш юзасидан юқорида келтирилган шартлар бажарилса, у ҳолда бу кетмакетлик қўйилган масалани ечиш алгоритми дейилади. Бундай алгоритм жараённи бошқарувчи операторга шу жараён ҳар хил шароитларда қандай қилиб мақбул бошқарилиши мумкинлигини кўрсатиб беради.