БОШҚИРД ОТ ЗОТИ

БОШҚИРД ОТ ЗОТИ — қадимда ўрмон ва дашт отлари негизида Бошқирдистонда чиқарилган зот. Сути, гўшти учун боқилади, шунингдек қ. х. ишларида ҳам фойдаланилади. Бошқирд от зотининг аравага қўшиладиган ва миниладиган типлари сақланиб қолган (3 т гача юк торта олади). Туси тўриқ, думи ва ёли қора, малла, қўнғир, саман. Биясининг танаси уз. 144—145 см, қарчиғайи бал. 142—143 см, кўкрак айланаси 178— 180 см, тўпиғи айланаси 18,4 — 20 см; тирик вазни 420—460 кг. Биялари соғим даврида 1720—2060 л (серсут биялари 3000 л гача) сут беради. Сутидан сифатли қимиз тайёрланади.