БОШҚИРД ҚЎЗҒОЛОНЛАРИ — бошқирд халқининг подшо Россиясига қарши олиб борган қўзғолонлари:
1) бошқирд халқига зўрлаб христиан динини қабул қилдиришга қарши, ғазовот шиори остида русларга қарши бошқирд мулкдорлари томонидан 1681—83 й. ларда уюштирилган қўзғолон. Қўзғолон оқсоқол Сайт Садир бошчилигида бўлгани учун у Саит қўзғолони деб ҳам аталади. 1682 й. 28 майда Ик дарёси бўйида қўзғолончилар мағлубиятга учраганлар. Қўзғолонга қалмиклар ҳам қўшилганлар. 1683 й. баҳорида қўзғолон Ғарбий Бошқирдистонни қамраб олган. Бироқ бошқирд ва қалмиқ зодагонлари ўртасида ўзаро низо бошланган. Қалмиқлар Бошқирдистонни ўзларига тобе этиш мақсадида талончилик юриши ташкил этганлар ва бошқирд яйловларини талаб кўплаб асир ва молларни ўлжа олганлар. Қалмиқлар босқинидан безиб қолган халқ оммаси қўзғолондан четлашган, оқибатда подшо ҳукумати 1683 й. дек. да қўзғолонни босткришга эришган;
2) 1755 й. ги қўзғолон Ботиршо қўзғолони деб ҳам аталади. Бу қўзғолон ҳам бошқирдларни зўрлаб христианлаштиришга ва бошқирд ерларини тортиб олишга қарши подшо маъмуриятига, маҳаллий мулқдорларга қарши қаратилган. Бошқирдистоннинг катта қисмига ёйилган. Қўзғолонни тайёрлашда мулла Абдулла Алеев (лақаби Ботиршо)ни бошқирд, татар, қозоқ, ўзбекларга қарата ёзган даъватномаси, уларни «кофирлар» — русларга қарши ғазовотга чақириши маълум роль ўйнаган. Лекин Ботиршонинг ўзи қўзғолонга раҳбарлик ҳам қилмаган, қўзғолон эса бошқа шиорлар остида ўтган. Шунинг учун уни Ботиршо қўзғолони деб аташ шартлидир. Қўзғолончилар орасида иттифоқ бўлмаганлиги, йирик мулкдорларни қўзғолонга қарши чиқиши, подшо ҳукуматининг тилёғлама сиёсати (ўз ихтиёри билан таслим бўлганларни авф этиш, бошқирд, татар ва қозоқларни ўзаро гижгижлаш ва б.) натижасида Бошқирд қўзғолонлари подшо ҳукумати томонидан шафқатсизлик билан бостирилган. Бошқирд қўзғолонлари халқ оммасининг мустамлакачиликка ва зўравонликка қарши озодлик учун олиб борган кураши эди.