БОШҚИРД

БОШҚИРД — 1) бошқирдлар миллатига мансуб киши;

2) ўзбекларнинг қипчоқ, жалойир қабилалари таркибига кирган бир уруғнинг номи. Фарғона водийси ва Сурхондарё вилоятида «Бошқирд қишлоқ» деб аталадиган қишлоқлар ҳам учрайди. Ҳасан Ато Абушийнинг «Туркий қавмлар тарихи» асари (1909)да келтирилишича, Б о ш қўрд атамаси «Бош уйғур» ёхуд «Бошқутир» сўзидан олинган. Камолиддин Биноий «Шайбонийнома» асарида 15-а. охири — 16-а. бошларида Сирдарёнинг ўрта ҳавзасида яшаган туркий қабилалар орасида бачкирдларни ҳам санаб ўтган. 92 ўзбек уруғи тўғрисида маълумот берувчи «Асомийи наводу ду фирқайи ўзбек»да бачқирлар номи ҳам келтирилган. Фарғона вилоятида Бочқир номли қишлоқ бўлиб, К. Шониёзовнинг фикрича, 18-а. да шу қишлоқда Бошқирдлар яшаганлар.