БОШҚИРД ЯРУСИ

БОШҚИРД ЯРУСИ (Бошқирдистон ҳудудида ўрганилган, номи шундан) — Ўрта карбон даврининг бошланган вақти. 1934 й. да С. В. Семихатова томонидан «бошқирд қатламлари» номи билан ажратилган. 1974 й. собиқ Иттифоқнинг умумий регионал схемаларида расмий «Бошқирд яруси» деб қабул қилинган. Серпухов ва Москва яруслари оралиғида жойлашган. Бошқирд яруси кулранг, тўқ кулранг, доломитсимон оҳактошлардан, магматик ва вулкан жинслардан тузилган. Ўрта Осиёда (Писком, Фарғона, Қурама, Туркистон, Олай, Ҳисор тоғларида), РФ (Урал, Тиман, Волгабўйи, ДнепрДон ботиклиги, Воронеж кристалли массиви ва б.), Украина (Донбасс) да тарқалган. Бошқирд ярусида тошкўмир, нефть ва газ, симоб, полиметалл қурилиш материаллари уюмлари бор. Қурама тоғларидаги Бошқирд ярусида боксит бойлиги ва олтин (Кўчбулоқ олтин конивулкан жинсларда) бор. Ғарбий Европада Бошқирд ярусига маҳаллий стратиграфик схема бўйича юқори намюр ва қуйи вестфал тўғри келади.