БОСИМ

БОСИМ — бирор жисмнинг бошқа жисм сиртига тик йўналишда таъсир қиладиган кучлар интенсивлигини ифодаловчи физик катталик. Па ёки кгк/см2 да ўлчанади. Жисм сиртига тик таъсир қиладиган кучлар Босим кучлари деб аталади (мас, бино пойдеворининг заминга таъсири, суюкликнинг идиш деворига таъсири ва ҳ. к.). Кучлар сирт бўйлаб текис тақсимланган бўлса, у ҳолда Босим P=F/Sҳ бунда F — жисм сиртига таъсир қиладиган куч, S — жисм сирти. Босимнинг бир неча тури мавжуд. Гидромеханик Босим — суюкликнинг бирор нуқтасидаги босим. У гидростатик (тинч ҳолатдаги суюкликка оид) ва гидродинамик (ҳаракатдаги суюқликка оид) хилларга бўлинади. Гидромеханик Босимнинг атмосфера босимидан ортиши ортиқча Босим, атмосфера босимидан кичик Босим вакуумметрик Босим деб аталади. Динамик Б, — ҳаракатдаги суюқлик заррасининг ҳажм бирлигидаги кинетик энергиясини ифодаловчи тушунча. Бундан ташқари, ҳаво босими, буғ босими, парциал босим (газга оид), ёнилғи ички ёнув двигатели цилиндрида ёнганда ҳосил бўладиган газ босими ва б. хил Босимлар бўлади. Бирор идиш, қозон ҳамда бошқалар ичидаги ва атрофдаги муҳит Босим лари биргаликда мутлақ Б. дейилади. Бундай Босим ата билан ифодаланади. Фан ва техникада жуда кичик (қ. Вакуум техникаси) ва жуда юқори Босимлар билан иш кўрилади. Кичик Босимлар асосан тор билан (қ. Вакуум), атмосфера Босим идан юқори Босимлар атмосфера (атм), миллиметр симоб устуни (мм сим. уст.) ёки миллиметр сув устуни (мм сув уст.) билан ўлчанади. Метеорологияда Босим бирлиги бар ёки мм сим. уст. билан ифодаланади. МКС тизимида (қ. Бирликлар тизими) Б. бирлиги сифатида Н/м2 (квадрат метрга ньютон), СГС тизимида — дина/см2 (квадрат сантиметрга дина), МКГСС тизимида — кгк/м2 (квадрат метрга килограмм куч) қабул қилинган. Босим барометр, датчик ва манометр билан ўлчанади.

Loading...