БОСМА МАШИНА

БОСМА МАШИНА — китоб, газета, журнал, брошюра, этикетка, плакат ва б. матбаа маҳсулотлари чоп этиладиган машина. Матбаа жиҳозларидан асосийси ҳисобланади. Дастлабки Босма машина (босма станок)ни немис ихтирочиси И. Гуттенберг 1441—45 й. ларда ихтиро қилган.

Босма машинанинг асосий узеллари: бўёқни қолипдан қоғозга ўтказувчи босиш аппарати; қолипга бўёқ суркаш аппарати, қоғозни босиш аппаратига узатувчи ва нусхаларни машинадан чиқарувчи қоғоз ўтказиш механизми; босилган маҳсулотларни қабул қиладиган ва уларга ишлов берадиган қўшимча қурилма; машинани бошқариш юритмаси ва тизими.

Босиш усулига кўра, босмахона Б. м. си юқори босма, текис босма ва чукур босма хилларга бўлинади. Босиш қолипи ва унга қоғоз (ёки бошқа материал)ни сиқиб турувчи сиртнинг турига кўра, тигелли, текис ва ротацион Босма машиналар бўлади (расм). Тигелли Босма машинада нусхалар икки сирт — босма қолип ва қоғозни қолипга сиқиб турувчи тигелнинг ўзаро таъсири натижасида олинади. Унда бланклар, муқовалар, безаклар босилади. Текис Босма машинада босма қолип бир текисликда ётади, қоғозни шу қолипга цилиндр сиқади. У безак ва кўп бўёқли босмалар учун мўлжалланган. Ротацион Босма машинада қолип ва унга қоғозни сиқадиган сирт цилиндр шаклида бўлади; улар бир хил тезликда айланади. Бундай машинада газета, журнал, китоб, бланклар, билет ва б. маҳсулотлар босилади. Босма машина қоғоз турига қараб ҳам хилларга бўлинади: варақларга босадиган ва қоғоз ўрами (рулон) дан узлуксиз узатиб туриладиган қоғозга босадиган (ротацион) машиналар. Босма машина қоғоздан ташқари темир, картон, ойна, пластмасса, тўқимачилик материаллари ва б. га босадиган хилларга ҳам бўлинади.