БОСМА МОНТАЖ

БОСМА МОНТАЖ — микроэлектрон қурилмалар элементлари (қисмлари)ни монтаж қилиш усули. Бунда электр улашлар электр ўтказувчи юпқа металл ленталар (симлар) орқали амалга оширилади( қ. Босма плата). Б. м. элементлари ўзгармас ва ўзгарувчан қаршиликлар, конденсаторлар, индукция ғалтаклари, трансформаторлар, транзистор ва диодлар, реле, улагичлар ва алмашлаб улагичлардан иборат. Радиоэлектроникада ва, айниқса, космик аппаратларда микроэлектрон қурилмаларни мумкин қадар ихчамлаштиришнинг жуда катта аҳамияти бор. Бу соҳада 3 омил; қурилманинг ўлчами, пухталиги ва нархи муҳим роль ўйнайди. Микроэлектрон схемада 1 см2 сатҳга элементларни ўзаро уловчи 14 га яқин сим тўғри келади. Бунга эришиш учун кўп қаватли Босма монтаждан фойдаланилади. Ўтказгичлар (симлар) бир-бирига электрон нур ёрдамида пайвандланади.