БОСМИЛЛАР

БОСМИЛЛАР, басмиллар (хитой манбаларида бўма, била, хэ ла — ола, чавкар от дегани) — тўққиз ўғуз қабилаларидан бири. Хитой манбаларида дастлаб Суй хоқонлиги (581—618) даврида тилга олинади. Б. Бешбааиқ ш. нинг жан. дан то Байкалгача бўлган ҳудудда яшашган. Хитой манбаларида Босмиллар атамаси уларнинг отлари чавкар бўлганлигидан олинган дейилади. Босмиллар асосан чорвачилик, овчилик ва қисман деҳқончилик билан шуғулланган. 7-а. да Босмилларнинг 5 та катта уруғдан иборат кабила иттифоқи ташкил топиб, унинг 30 минг сараланган қўшини, 300 минг оти бўлган. 8-а. дан уйғур ва Босмиллар бошчилигидаги тўққиз ўғузлар Кўк турк хоқонлигига қарши қудратли кучга айланган. Босмиллар етакчи бўлган уйғур ва қарлуқ қабилалари бирлашмаси Кўк турк хоқони Ўзмиш (740—742) ни ўлдириб Босмил хоқонлиги (742—744) ни тузишган. Босмиллар бошлиғи Элтерис қоғон унвони билан тахтга ўтиради. Хоқонликнинг шарқий қисмини уйғурлар эгаллаб, улар сўл ёбғу, ғарбий қисмига қарлуқлар жойлашиб улар ўнг ёбғу деб номланган. Хитой Босмиллар хоқонлиги б-н яхши қўшничилик муносабатлари ўрнатишга интилган. Уйғурлар сўнгги турк хоқони Бўлмиш (Байми, 742— 745)ни ўлдириб, сўнгра қарлуклар билан бирга собиқ иттифоқчилари Босмилларга ҳужум қилишган, Элтерис хоқон ўлдирилган. Натижада Босмиллар хоқонлиги тугатилиб, Босмиллар тарқаб кетганлар. Олтой билан Тангритоғ (Тяньшан) оралиғида яшайдиган Босмиллар кейинчалик Уйгур хоқонлиги тугатилгач, Идиқут хонлигини ташкил топишида иштирок этган. 11—12-а. ларда Босмиллар Қорахонийлар давлати ҳудудидаги бошқа туркий қабилалар билан аралашиб Ад.: Маҳмуд Кошғарий , Девону луғотит турк, 1ж., Т., 1960; Малявкин А. Г., Танские хроники о государствах Центральной Азии, Новосибирск, 1989.