БОСПОР ДЕВОРЛАРИ — мил. ав. 51-а. ларда Қора денгизнинг шим. бўйларида қурилган Тиритака, Аккос (Узунлар) ва Асандра номли мудофаа деворлари.
Тиритака девори — Керчга энг яқин девор бўлиб, Азов денгизи жан. даги Олтин Қўрғон (Золотой Курган) ва ундан Тиритакагача борган. Деворнинг ғарб томони бўйлаб хандақ қазилган. Бал. 3,5 м гача бўлган харобаси сақланган. Хандақнинг чуқ. 3,5 м. Девор эни ва хандақнинг кенглиги 34 м. Девор остига тош териб ишланган, девор бўйлаб кўп сонли буржлар қурилган.
Аккос (Узунлар) девори жан. дан шим. га томон йўналишда Узунлар кўлидан Азов денгизига қадар давом этган. Бу деворнинг уз. 35—36 км, кенглиги 28 м. Қолдиғининг бал. 6 м. Пойдевори тош териб ишланган. Харобаси бўйлаб ярим дойра шаклидаги буржлар қолдиғи сақланган. Тиритака девори ва Аккос девори Боспорга юнонлар келмасдан олдин киммерийлар томонидан бино қилинган. Боспор подшолиги ўз ҳудудини мудофаа қилиш учун улардан фойдаланган. Боспор подшолиги ташкил топгач (мил. ав. 480 й.), Тиритака девори янгидан тикланган. Феодосия б-н уруш бошланмасдан олдин биринчи спартокидлар даврида боспорликлар Аккос деворини мустаҳкамлаб ундан фойдаланган.
Асандра девори Боспор ҳокими Асандра ҳукмронлиги даври (мил. ав. 47—17 й. лар)да бино этилган. Девор бўйлаб думалоқ буржлар қурилган ва хандақ қазилган. Асандра девори Феодосия — Арабат чизиғида қурилган ва Перекоп бўйида бунёдга келтирилган, деган фиқолар бор. Юнон тарихчиси Страбон келтирган маълумотга кўра, Асандра Меотидада Херсонес бўйини 360 стадий узунликдаги девор билан тўсиб олган ва ҳар стадий (1 стадий — 185— 192 м га тенг) масофада ўнтадан бурж бино қилдирган.