БЎСТОН

БЎСТОНҚорақалпоғистон Республикасидаги шаҳар (1983 й. дан). Элликқалъа тумани маркази. Аҳолиси 12,6 минг киши (1999), асосан қорақалпоқлар, ўзбеклар, шунингдек рус, татар, туркман, тожик ва б. миллат вакиллари ҳам яшайди. Яқин т. й. станцияси Урганчгача 62 км. Бўстондан Нукусгача бўлган масофа 140 км.

Шаҳар ёнида Ўзбекистон ФА Ботаника ин-ти ва ботаника боғининг филиали (70 га) барпо қилинган. Бўстонда 1998—99 й. ларда маданият ва истироҳат боғи (майд. 50 га) бунёд этидди. 3 умумий таълим мактаби, мусиқа мактаби, академик лицей, маданият уйи, 12 кутубхона, клуб, стадион, 31 маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси, туман марказий касалхонаси, поликлиника, марказий дорихона, деҳкон бозори, 10 умумий овқатланиш шохобчаси бор. Шаҳарда «Элтекс» тўқимачилик комплекси, пахта тозалаш з-ди, «Элнур» халқ истеъмоли моллари и. ч. корхоналари ишлаб турибди. 2 автокорхона, 5 кўчма механизациялашган колонна фаолият кўрсатади. «Фахрийлар боғи», «Яшил хиёбон» каби дам олиш масканлари ташкил қилинган.