БОТАНИК КОЛЛЕКЦИЯ

БОТАНИК КОЛЛЕКЦИЯ — илмий ва амалий аҳамиятга молик ўсимлик формалари ва турларини мунтазам равишда йиғиб бориш. Улар ўсимликларнинг жаҳон генетик фондини сақлаш, ўрганиш, селекция ишларида фойдаланиш, тадқиқ этиш мақсадида йиғилади. Узбекистон ўсимликшунослик и. т. ин-тида маҳаллий ва чет элларда экиладиган 120 экиннинг 50 мингдан ортиқ нав’ намуналари тўпланган. Ўзбекистон ғўза селекцияси ва уруғчилиги и. т. интида эса ғўзанинг маданий ва ёввойи турларини ноёб жаҳон коллекцияси (10000га яқин намуна) тўпланган. Ботаник коллекция янги материаллар билан узлуксиз тўлдириб борилади, уруғларнинг унувчанлик қобилияти ва тўпланган намуналарнинг биологик айнанлиги ўзидан чангланиш ҳамда нотипик ўсимликларни олиб ташлаш йўли билан сақлаб турилади, шунингдек илгари текшириб чиқилган мамлакатларга экспедициялар уюштириб, тўпланадиган материаллар ҳисобига тўлдирилади. Ўсимликларнинг қимматли формалари (генетик плазмалар) ни уларнинг келиб чиқиш марказлари (Мексика, Гватемала, Эквадор, Боливия, Гондурас, Перу, Бразилия, Аргентина, Венесуэла, Австралия, Африка, Марказий Осиё ва б.)да табиий популяцияларп орасидан қидирилади. Жаҳон коллекцияси материалларидан янги селекция навларини чиқаришда фойдаланилади.