БОТИНИЙЛАР

БОТИНИЙЛАР (араб, ботин ичкари, яширин, сирли) — исломдаги мафкуравий оқимлардан бирининг тарафдорлари. 8-а. да вужудга келган. Бу оқим тарафдорлари Қуръон оятлари ва ҳадисларни зоҳирий ва луғавий талқин этишга қарши чиққан. Уларнинг иддаоларича, оят ва ҳадисларнинг зоҳирий маъноларини эмас, балки зимнидаги яширин мазмунларини олиш зарур эмиш. Бу ақида билан улар ислом шариатига қарши чиққан бўлдилар. Зеро шариат ҳукми бўйича оят, ҳадис ва б. барча манбаларнинг иборалари, у қайси тилда бўлмасин, зоҳирий, луғавий ва истилоҳий маъноларига асосланган ҳолда талқин этилади. Баъзи фасоҳат, киноя, танбеҳ, истиора, ишора каби сўз ўйинлари, «муташобиҳ» оятлар ва тасаввуфий талқинлар бундан мустаснодир. Исломнинг «Аҳли сунна ва жамоа» ақидасига биноан, Ботинийлар шариатга хилоф эътиқодда бўлганликлари учун динсизлар қаторида саналган.