БОТҚОҚЛИК

БОТҚОҚЛИК — ернинг доимо ёки узоқ вакт нам, зах бўлиб ётадиган жойи. Ботқоқликда торф қалин (0,2—0,3 м) бўлади, ўсимликларнинг илдизлари торф остидаги грунтга етиб бормайди. Торф қатлами юпқа бўлса, ботқоқлашган ерлар деб аталади. Ботқоқлик халқ хўжалигида катта аҳамиятга эга. Ботқоқлик қуритилгандан сўнг торф асосан ўғит, ёқилғи ва мол тагига тўшама сифатида ишлатилади, ундан кимёвий маҳсулотлар олинади, қурилишда фойдаланиладиган плиталар ишлаб чикарилади. Ботқоқлик кўпинча ўрмони кесилиб ёки куйиб кетган жойларда ва ўглоқларни узоқ муддат сув босиши, шунингдек саёз сув ҳавзаларини ут қоплаши натижасида ҳосил бўлади. Ўсимликлар таркиби ва ўсимликларнинг озикланиш тартибига кўра Б. лар 3 хил бўлади: пастқам Ботқоқлик, дўнг Ботқоқлик ва оралиқ Б. Пастқам Ботқоқлик учун эвтроф ўсимликлар характерли. Улар минерал тузларга бой грунт сувлари кўп бўлган дарё қайирларида, водийларда, эски кўллар ўрнида ва сувайирғичларнинг пастқам жойларида учрайди. Бундай Ботқоқлик ларда асосан, қиёқ, қамиш, рўвак, қирқбўғимлар; дарахтлардан ольха (қандағоч) ва қайин ўсади. Пастқам Ботқоқликда сув каламушлари, дала сичқонлари, қундуз, балчиқчи, ботқоқтовуғи, ўрдак, ғоз яшайди, қобон, қамишзор мушуги, қизил ғоз, сақоқушлар учрайди. Дўнг Ботқоқлик учун олиготроф ўсимликлар характерли бўлиб, улар сувайирғичларда ёки дарёларнинг баланд террасаларида учрайди ва ёғиндан ташқари минерал тузлари кам грунт сувларидан тўйинади. Ўсимликлари кам. Дўнг Ботқоқликлар ўрмонли ва ўрмонсиз бўлади. Оралиқ Ботқоқлик оралиқ ҳолатни эгаллайди ва ёғиндан ҳамда ўртача минераллашган грунт сувларидан туйинади. Оралиқ Ботқоқлик учун мезотроф ўсимликлар хос. Қайин, қарағай, бардидошлар, сфагн йўсинлари ўсади. Ботқоқлик ларнинг кўп қисми Шим. ярим шарда бўлиб, қарийб 350 млн. га.

Туркистон ўлкасида Ботқоқликлар йирик дарёлар (Амударё, Сирдарё, Чу ва Или дарёлари) водийсида, ёйилмаларнинг теваракатрофларида ва пастқам жойларда учрайди. Торф қатлами жуда юпқа ёки бутунлай йўқ, ўсимликлардан қўға ва қамиш ўсади. Шарқий Помирда, Оқсув, Музқўл дарёлари водийларида, Зўркўл, Қоракўл ва б. кўллар атрофида ҳам Ботқоқлик кўп.

Loading...