БОТУ

БОТУ (тахаллуси; асл исми Маҳмуд Ҳодиев) (1904.15.5, Тошкент — 1938.9.5) — шоир, журналист. Рустузем мактаби (1914—17), ўқитувчилар тайёрлаш курси (1918—20), Москва давлат унтининг иқтисод ф-ти (1921 — 27) да ўқиган. «Фарғона» газ., «Аланга» жур. да бош муҳаррир, айни вақтда Ўзбекистон халқ маорифи комиссари ўринбосари бўлиб ишлади (1928 — 30). Дастлабки шеърларида Мунаввар қори сингари миллий истиқлолчилар таъсири сезилади. «Умид учқунлари» (1925), «Тўлқин товушлари» (1929) тўпламлари нашр этилади. У янги тузумга чин дилдан ишонган, халққа ҳақиқий тенглик, озодлик, бахтсаодат беради, деб умид қилган. Шу маънода янгиликни, ёшликни, Хотин-қизлар озодлигини куйлади. Боту «Янги қишлоқ» (1928), «Ҳошим жон», «Турсун» (1929), шунингдек болаларга бағишланган ҳикоялари («Болалар ёлғони», «Менинг китобим» ва б.)да янги ижтимоий муносабатлар ҳамда болалар дунёси руҳиятини тасвирлади.

Боту ўзбекараб алифбосини лотин графикаси асосидаги алифбога алмаштириш ташаббускорларидан бўлган (1920). Тилшунослик ва адабиётшунослик масалаларига оид бир қатор мақолалар муаллифи. Боту 1930 й. да ноҳақ айбланиб, қамоққа олинди ва қатағон қурбони бўлди. Тошкент кўчаларидан бирига ва мактабга Боту номи қўйилган.

Ас: Ёз куни: шеърлар, достонлар, ҳикоя ва мақолалар, Т., 1980.

Ад:. Шарипов Б., Шоир ва жамоатчи, Т., 1989.