БОТУЛИЗМ

БОТУЛИЗМ (лот. botulus — колбаса) — одам ва ҳайвонлар (айрим сут эмизувчилар)да учрайдиган ўткир юқумли касаллик; овқатдан бўладиган токсикоинфекциялар гуруҳига киради. Ботулизм (Clostridium botulinum) бактериялари билан ифлосланган овқатлар истеъмол қилинганда юзага келади. Ботулизм қўзғатувчилари табиатда кенг тарқалган бўлиб, чидамли (спорали) ва чидамсиз (вегетатив) хиллари учрайди. Споралари ташқи муҳитда йиллаб сақланиши мумкин; споралар тупроқдан сув, мева, сабзавот, озиқ-овқат, емхашакка ўтади, кейин одам ва ҳайвонлар ичагига тушиб, сўнгра нажас билан ер юзига тарқалади. Ботулизм микроби фақат анаэроб (ҳавосиз) шароитда ривожланади. Шу сабабдан консерва қилинган, тузланган, дудланган маҳсулотлар ва колбасага тушиб калган споралар анаэроб шароитда ўсиб, вегетатив шакл (бактериялар)га айланади. Улар ана шу шароитда кучли заҳар (экзотоксин) ҳосил қилади. Бу маҳсулотни истеъмол қилган одам касал бўлади. Ботулизм токсини ичакда тез сўрилади, қонга ўтади ва бутун организмга тарқалиб, асосан нерв системасини зарарлайди. Касаллик тўсатдан бошланади. Беморнинг бошн оғрийди, тинкаси қурийди, кўзи тинади, лоҳасланади, кўнгли айниб қусади, уйқуси қочади, қорни оғрийди, оғзи қурийди, ташна бўлади; кўпинча қабзият кузатилади. Кейинчалик боши айланади, кўз хиралашади, қовоқлар салқийди, бемор равон гапира олмайди ютиш, нафас олиш фаолияти бузилади; юрак ва нафас марказлари фалажланиши туфайли ўлим содир бўлиши мумкин. Бемор фақат касалхонада даволанади. Замонавий даво усуллари: Б. га қарши зардоб, сунъий нафас олдириш аппаратларини ўз вақтида қўллаш яхши наф беради. Касалликнинг олдини олиш учун консерва тайёрлаш қонунқоидаларига қатъий амал қилиш, уй шароитида консерва ва озиқ-овқат тайёрлашда санитария талабларини ўрнига қўйиш талаб этилади. Давоси: Б. га қарши махсус зардоб юборилади; зонд орқали меъдани ювилади, ҳуқна қилинади, юрак дорилари берилади, нафас олиш издан чиққанда сунъий нафас олдирилади ва б. Ҳайвонларда Ботулизм озуқа (бузилган силос, кепак ва б.)дан заҳарланишдир. Аксарият от, қорамол, парранда ва норкалар касалланади. Касалликнинг яширин даври бир неча соатдан 10 — 12 кунгача. Касал ҳайвоннинг марказий нерв системаси зарарланади, ҳиқилдоқ, тил ва пастки жағлар фалажланади, бурнидан шилимшиқ оқади, сув юта олмайди. Касалланган ҳайвонларнинг 70—95% ҳалок бўлади. Касал ҳайвон гўштини истеъмол қилиш ман этилади (гўшти ва териси куйдирибташланади).

Давоси: касал ҳайвоннинг меъдаси ювилади, сурги дорилар (арекалин, пилокарпин, эзерин) берилади, илиқ ҳуқна қилинади. Ботулизмга қарши махсус зардоб юборилади. Касалликнинг олдини олиш учун молларга сифатсиз емхашак бермаслик, касаллик чиққан ҳолларда соғлом молларни ҳам Ботулизмга қарши зардоб б-н эмлаш лозим.

Ад.: Шоваҳобов Ш., Юқумли касалликлар ва эпидемиология асослари, Т., 1997; Шопўлатов Ж., Ветеринария асослари, Т., 1993.

Шоносир Шоваҳобов, Пўлат Мўминов.