БОЯРЛАР

БОЯРЛАР (туркийча bajar — амалдор, бой эр, жаноб) — 1) 9—17-а. ларда Рус давлатида мулкдорларнинг олий табақаси. Киев давлатида — уруғқабила зодагонлари авлоди, катта дружиначилар — вассаллар ва князь думаси аъзолари, йирик ер эгалари. Уларнинг ўз вассаллари бўлиб, шахсий дахлсизлик (иммунитет) имтиёзига ҳамда бошқа князлар ҳузурига кетиш ҳуқуқига эга бўлганлар. Ҳудудий тарқоқлик даврида — энг бадавлат ва обрўли мулкдорлар, князь ҳокимиятининг мухолифлари. Новгород республикасида Боярлар амалда давлатни бошқарганлар. 14-а. дан уларнинг ҳуқуқлари князлар томонидан астасекин чеклаб қўйила бошланган. Улуғ князлар саройида алоҳида бўлимларни, давлат ҳудудларини бошқарганлар. 15-а. дан Русь давлатида — давлат хизматидаги олий мансабдор шахслар, Боярлар думасининг энг катта амалдорлари, бош маъмурий, суд ва ҳарбий лавозимларни эгаллаганлар, марказий ва маҳаллий бошқарув органлари (приказлар)га бошчилик қилганлар, воевода бўлганлар. Аристократлар таркибига кирганлар. Боярлар думаси 18-а. бошида Пётр I томонидан тугатилиши ва дворянликни жорий этилиши муносабати билан бояр унвони бекор қилинган.

2) Руминияда 13—14-а. ларда вужудга келган мулкдор табақа. 1945 й. аграр ислоҳот натижасида тугатилган.