БОЙГАЛАР

БОЙГАЛАР (Boiga) — илонларнинг бир уруги, сувилонсимонлар оиласига киради. Уз. 2 м ча. Тропик Африка, Жан. Осиё, Австралия ва Полинезияда тарқалган. 30 га яқин тури бор. Ўзбекистоннинг жан. да, Тожикистон ва Туркманистон даштларида уз. 1 м келадиган ҳинд бойгаси (В. trigonatum) учрайди. Бойгаларнинг танаси ингичка, чиройли, боши катта, танасидан ажралиб туради, кўзлари йирик. Бойгалар тунги ҳайвон бўлганлигидан кўз қорачиқлари тикка жойлашган. Аксари дарахт ва бутанинг шохларида яшайди. Бойгалар тишлоғич, унинг юқори жағи орқасида заҳар тишларга ўхшайдиган, яъни олдинги томонида ариқчаси бўлган 2—3 катта тиши бор. Чақиши одам учун зарарсиз. Чақиш олдидан улар худди капча илонлар (кобра)га ўхшаш боши ва кўкрагини ердан ғоз кўтариб, бўйнини шиширган ҳолда пишқириб, секин-аста чайқалади ва оғзини катта очиб, ўлжага ташланади. Бойгалар калтакесак, майда умуртқалилар билан озиқланади.