БЎЙИН

БЎЙИН — гавданинг бош билан танани бириктирувчи қисми; тепадан бош, пастдан кўкрак қафаси билан чегараланган. Бўйиннинг орқа қисми энса, олдинги юзаси ҳақиқий бўйиндир. Энса қисми фақат мускуллардан ташкил топган бўлиб, олди томонида ҳиқилдоқ, кекирдак ва уларнинг олдинги юзасида қалқонсимон без жойлашган. Бўйиннинг ўрта чизиғи соҳасида қалқонсимон тоғайнинг бўртган қисми «адам олмаси» (кўпроқ эркакларда) кўриниб туради. Бўйиннинг икки ёнида қон томирлар, нервлар ва нозик мускуллар бор. Унинг тепа қисмида (пастки жағ остида) жағ ости бези жойлашган; без йўли оғиз бўшлиғига очилади, кўпинча болаларда най орқали микроблар безга бориб уни яллиғлантиради — «тепки» бўлади. Бўйиннинг пастки қисмида (тўш суягининг устки юзасида) вена қон томири читали бор. Бўғма касаллигида кекирдакни очиб ҳаво юборганда, вена кесилганда ёки жароҳатланганда ҳаво сўрилиб, юракни тўхтатиб қўйиши мумкин. Бўйинда тери ости мускули борлиги учун тери ҳаракатчан бўлади.

Prev Article

БЎЙИМОДАРОН

Next Article

БЎЙРА