БОЙЎҒЛИЛАР

БОЙЎҒЛИЛАР, бойқушлар (Athene) — япалоққушлар оиласига мансуб тунги йиртқич қушлар уруғи. Европа, Осиё, Америка ва Африкада тарқалган, 20 тача тури бор. Ўзбекистонда бир тури — уй бойўғлиси (А. noctua) учрайди. Оёқлари кучли ва пахмоқ, тумшуғи қайрилган, пати майин, товушсиз учиб келиб, ўлжасини тутиб олади. Кўзлари ўткирлигидан салгина ёруғни ҳам сезади. Хира кулранг пати қоронғида кўзга чалинмайди. Бойўғлиларнинг бу тури Европа, Шим. Африка, Осиёда ҳам тарқалган. Уни дашт ва чўлларда, хароба ва қабристонларда учратиш мумкин. Нари билан модаси факат урчиш даврида бирга яшайди. Баҳорда (урчийдиган вақтда) кечалари, баъзан кундузи ҳам сайрайди. Овози йиғлаган боланинг товушини эслатади. Уясини турли ковакларга қуради. 4—9 та тухум қўяди. Тухумдан бир ойда жўжа чиқади. Бойўғлилар майда кемирувчилар, калтакесаклар, ҳашаротлар ва кичик қушлар билан озикланади. Зараркунанда кемирувчиларни қириб, хўжаликка фойда келтиради.

Prev Article

БОЙСУНСОЙ