БЎЁҚЛАР

БЎЁҚЛАР — майдаланган минерал ёки органик пигментларнинг алифмой, лок ва б. боғловчилардаги суспензиялари. Бўялувчи буюмларни емирилишдан (ёғочни чиришдан, металлни занглашдан) сақлайди, шунингдек уларга куркам, чиройли тус беради. Бўёқларнинг ўзига хос хусусияти шуки, пигментлар боғловчиларда эримайди ва қуриганда буюм сиртида юпқа парда ҳосил қилади. Бўёқларнинг мойли ва локли (эмалли) хиллари бор.

Мойли Бўёқларда алифмой парда ҳосил қилувчи модда бўлиб хизмат қилади. Мойли Бўёқлар алифмойда тайёрланади. Саноатда қуюқ паста ҳолида ишлаб чиқарилади. Мойли Бўёқлар сувга ва ишқор таъсирига унчалик чидамли эмас. Асосан қурилишда ва т. й. транспортида ишлатилади.

Эмалли Бўёқларда синтетик смолалар ёки органик эритма (лок)лар ҳолатидаги целлюлоза эфирлари парда ҳосил қилувчи моддалар ролини бажаради. Эмалли Бўёқлар қўлланилувчи локка қараб мойли, алкид, фенолмой ва фенолалкид, эпоксид, эпоксиэфир, полиуретан, мочевинаформальдегид, меламинформальдегид, перхлорвинил, кремнийорганик, битумли, поливинилацетатли ва б. га ажратилади. Бензин, керосин, иссиқ сув муҳитида ишлатилувчи металл буюмларни, ёғоч, бетон, қоғоз, асбоб ва б. машиналарни коррозиядан сақлаш ҳамда электроизоляция мақсадларида қўлланилади.

Бадиий Бўёқлар акварель, гуашь, темпер мойли Бўёқлардан иборат бўлиб, уларда нур таъсирига чидамли пигментлар бор.

Қоғоз, картон, газмол ва ёгоч буюмларни бўяш учун ишлатилади.

Декоратив Бўёқлар асбоблар ва аппаратларнинг деталларини бўяшга кетади.

Нурланувчи Бўёқларда люминесценцияланиш хусусияти бор (совуқ нурланиш). Шу мақсадда локлар таркибига люминофор (нурланадиган) моддалар қўшилади. Соат ва асбобларда рақам ва белгиларни ёзиш учун керак.

Термосезгир Бўёқлар — бўялган модда юзасида трани назорат қилиш учун қалам шаклида ишлатилади.