БОЙСУНҒУР, Бойсунқур, Бойсунқар (1397.16.9—Ҳирот — 1433.20.12) — темурий шаҳзода. Шоҳрух Мирзо билан Гавҳаршодбегимнчнт ўғли. Бойсунғур 1414 й. Мозандарон, Астробод ва Журжон вилоятлари ҳокими, 1416—20 й. ларда эса отаси Шоҳрухнинг вазири бўлган. Эрон Озарбайжони (1420) ва Астробод (1431) ҳокими. Оғир дардга чалиниб 36 ёшида вафот этган.
Бойсунғур инсонпарвар, адолатпеша, илм ва адаб аҳлига мурувватли ҳукмдор бўлиш б-н бирга, ўзи ҳам ғазаллар битган, хаттотлик ва наққошлик санъатини мукаммал эгаллаган. У Ҳиротда ноёб қўлёзмалар жамланган жуда бой кутубхона ташкил қилган, унда 40 дан ортиқ хаттот мўғуллар истилоси даврида йўқ қилинган қўлёзмаларнинг бўлак нусхаларини топиб, улардан нусхалар кўчириш ёки яроқсиз ҳолга келганларини тиклаш билан машғул бўлган. Ҳиротдаги Гавҳаршодбегим масжиди безаклари ва. китобаларини шахсан Бойсунғурнинг ўзи бажарганлиги тарихий манбаларда қайд этилган. Унинг раҳбарлиги ва бевосита иштирокида Абулқосим Фирдавсий «Шоҳнома»сининг танқидий матни тузилган (1425—26). Унга Бойсунғурнинг ўзи сўз боши ёзган. «Шоҳнома» нинг бу нусхаси «Шоҳномаи Бойсунғурий» деб аталган (расмлар билан безатилган мазкур қўлёзма Теҳрон музейида сақланади). Шунингдек Бойсунғур жаҳон санъати тарихида муҳим ўрин тутган Ҳирот миниатюра мактабита асос солган. Бу мактаб вакиллари томонидан кўчирилган асарларнинг кўпчилиги Истанбул кутубхоналарида сақланади.