БЎЗ

БЎЗ, карбос — бўш пишитилган пахта ипидан содда тўқилган мато; қалин, пишиқ ва тана ҳароратини бир хилда сақлайдиган маҳаллий ипгазлама. Қадимдан қўл дастгоҳдарида тўқилган. Ёзма манбаларда бошқа матолар қатори Бўз ҳам кўп тилга олинган: «қали атлас кейсанг унутма бўзунг» (А. Югнакий, 11-а.). Б. нинг «этаклик Бўз», «седрак Бўз», «қали Бўз» навлари фарқланган; мусулмон Шарқида қизил Б. «алкирбос» номи билан машҳур. 17-а. да Туркистондан Москвага жўнатилган матолар орасида «бязь» номи б-н тилга олинган, қизил Бўз эса «кумач» деб аталган. 19-а. бошида бухоролик тўқимачилар Астрахон, Вятка, Қозон губерняларида қурган устахоналарда Бўз тўқиб сотилган.

Б. Туркистонда қўлда тўқилган матолар орасида харидорбоп мато бўлгани учун маҳаллий аҳоли орасида кенг тарқалган. Бухорода Бўз сотиладиган махсус раста — «Бозори карбос» бўлган. Бўзнинг оқ, малла, рангин (нил бўёққа бўялган) хиллари бор. Читгарлар рисоласида (19-а.) Б. нинг қора, сариқ, яшил, кулранг, бинафша, оқ ва б. хиллари ишланиши қайд этилган. Оқ Б. нинг баъзи хиллари оҳарланган ва ялтиратиб пардозланган, баъзилари пахмоққа ўхшаш тукли бўлган (тукли юза ўта қалин арқоқ ипларга махсус ишлов берилиши натижасида ҳосил қилинади). Бўздан ички кўйлаклар ва б. хил кийимлар, кашта тикилган буюмлар, гул босиб безатилган дастурхон, чойшаблар тайёрланган (яна қ. Бўзчилик).

Сайёра Маҳкамова.

Loading...