БЎЗНОЧ

БЎЗНОЧ (Helichrysum arenarium L. Moench.) — қоқидошлар оиласига мансуб кўп йиллик ўт. Бўйи 40—45 см, пояси қалин тук билан қопланган. Пастки барглари кенг, тескари тухумсимон, юқоридагилари — энсиз, наштарсимон. Гули сариқ, гул саватчалари думалоқ бўлиб, поя учида мураккаб қалқонсимон тўпгул ҳосил қилади. Июнь охиридан сент. гача гуллайди. Тоғ ён бағирларидаги қияликларда ўсади. Пояси, барги ва гулларида эфир мойлари, ошловчи моддалар, шунингдек каротин, С витамин, стеарин, флавоноид каби моддалар бор. Б. гулларидан тайёрланган қайнатма жигар касалликларини даволашда ишлатилади. Бўзночдан сариқ бўёқ олинади. Бўзноч кийим-кечакларни куядан сақлашда ҳам ишлатилади.

Prev Article

БЎЗДУНГТОВ

Next Article

БЎЙИМОДАРОН