БОЗОР ИСЛОҲОТЛАРИ ИНСТИТУТИ

БОЗОР ИСЛОҲОТЛАРИ ИНСТИТУТИ, Бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш илмий тадқиқот институти — илмий муассаса. ЎзР Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитасига қарайди. Қўмитанинг кўп укладли иқтисодиётни шакллантириш муаммолари и. т. маркази негизида 1997 й. да Тошкентда ташкил этилган. Инт илмий фаолиятининг асосий йўналишлари: Ўзбекистонда бозор ислоҳотлари жараёнларини таҳлил қилиш, иқтисодиётни ислоҳ қилишнинг жаҳон тажрибаларини ўрганиш, республикада бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш бўйича илмий асосланган таклифлар тайёрлаш; иқтисодиёт хусусий секторининг жадал ривожланишини рағбатлантириш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатини кучайтириш, қимматли қоғозлар ва кўчмас мулк бозорларини ривожлантириш бўйича илмий тавсиялар ишлаб чиқиш ва б. дан иборат. Инт таркибида қуйидаги бўлимлар бор (2000): институционал ўзгаришлар ва бозор ислоҳотларини чуқурлаштиришнинг илмий асослари; хусусийлаштириш ва хусусийлаштиришдан кейин корхоналарни қўллаб қувватлаш; кичик ва ўрта тадбиркорликнинг ривожланишини рағбатлантириш; бозор инфратузилмаларини ривожлантириш; қ. х. да институтционал ўзгаришлар; хорижий сармояларни жалб этишни рағбатлантириш; давлат мулкини бошқаришни ташкил қилиш; ҳисоблаш ва компьютерлаштириш тизимлари; ахборот таъминоти. Интда проф. ва фан длари, 4 фан номзоди ва 50 дан ортиқ юқори малакали илмий ходим ва мутахассислар ишлайди.